Адвокат Аллан Пашковский Advokat нашрига берган интервьюсида прокуратура ва давлат хавфсизлик тизимидаги ислоҳотлар унинг фаолиятида қандай сезилаётгани тўғрисида сўз юритди.
Шикоят ва ваъдалар
«Прокуратура органлари бугунги кунда тез-тез (деярли доимо) ўзининг назоратчилик функциясини (хусусан ДХХ тергов бўлинмаларида дастлабки терговнинг қонунийлигини) бажармаяпти, балки шунчаки кўзбўямачилик қиляпти ва фуқароларнинг қонуний манфаат ва ҳуқуқларини ҳимоя қилмаяпти. Терговдагиларга нисбатан қийноқлар қўлланилишини тўлақонли текширмаяпти. Мазкур тергов органида содир бўлаётган кўп сонли қонун бузилишлари ҳақида лом-мим дейилмаяпти ва прокуратура органлари шикоятларга асоссиз «жавобномалар» йўлламоқда», — деди у.
Аввалроқ собиқ бош прокурор Отабек Муродов адвокатларни қабул қилишга ва дастлабки тергов органларининг масъул шахслари томонидан қонун бузилишлари бўйича шикоятларни ҳал қилишга ваъда берганди. Аллан Пашковский ўшанда ҳамкасбларини вазиятдан фойдаланишга ва бош прокурорга қонун бузилишлари тўғрисида хабар қилишга чақирганди.
Аммо орадан бир оз вақт ўтгач, адвокат журнал таҳририяти билан боғланди ва бош прокурорнинг жавобидан қониқиш ҳосил қилмаганини билдирди. У шунингдек, таҳририятга мурожаати матнини тақдим этди.
Таҳририят яқинда у билан боғланиб, мурожаати якунлари бўйича изоҳ беришини сўради. Адвокатнинг сўзларига кўра, у Бош прокуратуранинг жавобидан қониқмаган. Бундан ташқари, адвокат мамлакат суд-ҳуқуқ тизимидаги айрим масалалар борасида ўз муносабатини билдирган.
«Қайд этиш жоиз, адвокатларнинг ДХХ тергов изоляторларидаги ҳимоя остидаги шахслар билан учрашувига боғлиқ вазият нисбатан яхшиланган (аммо қонун бузилишлари тўлалигича бартараф этилмаган). Ҳозирча адвокатларнинг ўз ҳимояси остидагилар билан учрашувларида ҳуқуқлари бутунлай бузилиши кузатилмаяпти. Аммо тергов бошқармаси ва ДХХ тергов изоляторларида почта қутилари билан боғлиқ муаммолар ҳозирча мавжуд», — дея қайд этган Аллан Пашковский.
Адвокатнинг фикрича, ҳимоячини танлаш бўйича мавжуд тартибга риоя қилмаслик, тергов остидаги шахсларга ноқонуний таъсир қилиш ва уларни битим асосида иш олиб бораётган адвокатдан воз кечдиришга «эришиш», айбланувчиларни қўрқитиш, айбланувчи қариндошларига таҳдид қилиш (шу жумладан, суд бўлаётган даврда ҳам), айбланувчининг ўзига нисбатан таҳдидларни қўллаш, жиноий жавобгарликнинг юридик оқибатлари ҳақида ёлғон маълумот бериш, битим асосида иш юритаётган адвокатга туҳмат қилиш (бу адвокатларнинг ўзига анча кеч маълум бўлади), битим асосида иш юритаётган адвокат ҳимояга киришганида айбланувчининг махсус «инструктаж» қилиниши (айбланувчини адвокат билан у йўқлигида «таништириш», айбланувчи уни ҳали кўрмаган бўлади ва, одатда, кўп ҳолларда бундан кейин айбланувчи унинг юридик хизматларидан воз кечади), айбланувчини чалғитиш ва очиқчасига алдаш каби ҳолатлар жуда кўп ва ҳар қадамда кузатилмоқда.
«Прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизматидаги ислоҳотлар ҳозирча шунчаки расмиятчилик ва амалда татбиқ этилмаяпти деб хулоса қилиш мумкин. Амалда ҳаммаси аввалгидек (хусусан мунтазам равишда қонун бузилиши давом этмоқда), баъзида эса аввагидан ҳам ёмон давом этяпти. Буни БМТ махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг 2019 йил 25 сентябрда Халқаро пресс-клубдаги дастлабки баҳоси ва «айрим шахслар»га нисбатан жиноят ишлари ҳам тасдиқлайди», — деди адвокат.
Бош прокуратура жавоби
Advokat нашри Бош прокуратуранинг адвокат шикоятига йўллаган жавобини чоп этди.
«Ўзбекистон Республикаси ДХХ тергов бошқармаси ходимлари томонидан фуқаролар К. ва А. нинг (исм ва фамилиялар қисқартирилган ҳолда берилмоқда – таҳририят) ҳимояланиш ҳуқуқи бузилаётгани ҳақидаги мурожаатингиз такроран кўриб чиқилди.
Қўриб чиқиш натижаси бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.
К.га нисбатан қўзғатилган жиноят ишида ҳимоячи сифатидаги иштирокингиз борасида Сизга 05.03.2019 йилда 20/72-19-428-сонли жавоб хати юборилган.
Ҳимоянгиз остидаги А.нинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида Сиз судга мурожаат қилишингиз мумкин, чунки унга ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган иш бўйича тергов Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 46-бобига мувофиқ якунланган», — дейилади прокуратура жавобида.
Янги бош прокурорга ариза
Шундан сўнг Аллан Пашковский янги бош прокурорга ариза ёзди.
«Ҳимоям остидаги А.га нисбатан 2019 йил 7 январдан 22 майгача бўлган даврда қийноқлар қўлланилгани ҳамда бошқа қатор процессуал қонунбузарликлар содир этилгани ҳақида аввалроқ бир неча бор шикоят киритган эдим. Сизга ишониб топширилган идора, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, 20-бошқарма (Қуролли кучлар ва Давлат хавфсизлиги хизмати органларида қонунларнинг бажарилиши устидан назорат бошқармаси) ходимлари текширувда ва жавобларни тақдим қилишда бепарволик, далилларни очиқдан-очиқ бузиб талқин қилиш, мен йўқлигимда ҳимоям остидаги шахс билан учрашиш, номувофиқ ва чалкаш жавоблар қайтариш, кўриб чиқиш муддатларига амал қилмаслик ва ошкора лаёқатсизлик, мурожаатларимдан қайси бирига (рақами ва санасини қайд қилиб) жавоб берилаётганини кўрсатмаслик сингари ҳолатларига йўл қўйилди ва қўйилмоқда. Бунинг учун улардан бири интизомий жазо – ҳайфсан олди. Юқоридагилардан истисно қилиб, Бош прокуратура (20-бошқарма) ходимини келтириб ўтишим мумкин», — деб ёзди у.
Адвокат фуқароларнинг ҳуқуқлари амалда ҳимоя қилинмаётганидан, прокуратура органлари ўз вазифаларини бажармаётганидан, қонун меъёрларига амал қилмаслик ҳолатлари давом этаётганидан ва ушбу вазият бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашевнинг 2019 йил 17 июнь куни ОАВ орқали эълон қилинган расмий баёнотига мутлақо номувофиқлигидан норозилигини билдирди.
«Менинг прокуратура органларига фуқаро, адвокат ва махсус процессуал субъект сифатидаги шахсий ишончим сўнди. Бугун мен ўз позициямдан прокуратурага сифатли иш учун миннатдорчилик билдира олмайман ва бунга ҳеч қандай асос кўрмаяпман. Сиздан олдин фаолият юритган бош прокурор 2019 йил 8 февраль куни менга шахсан айтган гапларнинг бари пуч бўлиб чиқди. Афсуски, Сизнинг идорангиз тарафидан фуқаролар ҳуқуқларининг самарали ва муваффақиятли ҳимоя қилинишига ҳамда адолат ўрнатилишига умид қилиш бемаъно ва асоссиз экан», — деб ёзди у.
Бош прокуратура изоҳи
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, шу йилнинг июнь ойида Бош прокуратура томонидан “Falcon” адвокатлик фирмаси адвокати А. Пашковскийнинг ҳимояси остидаги К. Юсуповга нисбатан ДХХ тергов изоляторида Ўзбекистон Республикаси ДХХ ходимлари томонидан руҳий қийноқлар қўлланилгани тўғрисидаги мурожаати кўриб чиқилган.
Мурожаатни кўриб чиқиш якунлари бўйича қуйидагилар аниқланган.
«К. Ю.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ДХХ тергов бошқармаси иш юритувида бўлган, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 157-моддаси 1-қисми (Давлатга хиёнат) бўйича қўзғатилган жиноят иши бўйича айблов эълон қилинган ва унга нисбатан суд томонидан ҳибсга олиш кўринишидаги чора қўлланилган. Ўзбекистон ЖПКнинг 46-моддасига асосан К. Ю. адвокат ҳимояси билан таъминланган», — дейилади унда.
2019 йил 24 апрелда К. Юсуповнинг мурожаати асосида А. Пашковскийнинг ҳам унинг адвокати сифатидаги иштироки ҳамда учрашуви таъминланган. К. Ю. билан боғлиқ барча тергов ҳаракатлари унинг адвокатлари иштирокида олиб борилган.
«Шу билан бирга, Бош прокуратура масъул ходимининг К. Ю. билан ўтказган учрашуви давомида у тергов изоляторида ўзига нисбатан руҳий босим ўтказилмаганини билдирган. Шунингдек, ташриф буюрувчилар ҳисобини юритиш журнали кўздан кечирилганида ушлаб туриш давомида (10.12.2018 йилдан) маҳбус К. Ю. ДХХ тергов изолятори биносида адвокати А. Пашковский билан учрашувлари таъминланган», — дейилади Бош прокуратура баёнотида.
ДХХ тергов изоляторида бошқа шахслар ҳамда оператив бўлинмалар ходимлари билан учрашувлар ўтказилмаган. Юқорида келтирилган объектив далиллар асосида, тергов изолятори ходимлари ёки ДХХнинг бошқа ходимлари томонидан К. Ю.га нисбатан иқрорлик кўрсатмаси беришга мажбурлаш мақсадида руҳий босим ўтказиш ҳолати аниқланмаган.
2019 йил май ойида жиноят иши Ўзбекистон ЖПК талаблари асосида кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига юборилган. Мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича адвокат А. Пашковскийга ёзма жавоб берилган.
Шу билан бирга, қонунчилик талаблари бузилишига йўл қўймаслик мақсадида:
— Бош прокуратура масъул ходими томонидан ДХХ тергов бошқармаси ва тергов изолятори ходимлари билан профилактика ишлари ўтказилган ва улар адвокатларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик ҳамда жиноят-процессуал қонунчилик нормаларига қатъий риоя қилиш борасида огоҳлантирилган;
— Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби бузилишига йўл қўйгани учун Бош прокуратура бошқармаси бошлиғи ўринбосарига ҳайфсан эълон қилинган.
ссылка на оригинал статьи: https://aniq.uz/yangiliklar/advokat-prokuratura-va-davlat-xavfsizlik-tizimidagi-islohotlar-borasida-uz-fikrini-bildirdi#bounce