O'ZB

RUS

ENG

1 ИЮЛДАН НИМАЛАР ЎЗГАРАДИ

0 0
Read Time:3 Minute, 57 Second


1 ИЮЛДАН НИМАЛАР ЎЗГАРАДИ

Айрим тадбиркорларга ходимларининг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қайтарилади

2024 йил 1 июлга қадар иссиқхонага ихтисослашган ер майдони 25 сотихдан кўп бўлган тадбиркорлар томонидан ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя қилинганда республика бюджетидан тадбиркорларга қайтариб бериш тартиби жорий этилади:
ҳар бир беш сотих ер майдони учун ойига камида бир нафар ишчининг бандлигини таъминлаш;
ҳар бир ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда белгилаш;
иссиқхонага ихтисослашган тадбиркорлар томонидан иссиқхона фаолияти бўйича олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60% ини ташкил этиши.

Давлат улушига эга ташкилотларга қўшимча талаблар ўрнатилмоқда

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг раҳбари ва унинг ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) танлов асосида амалга оширилади, бундан Президент қарорларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Тадбиркорларга жавобгарлик чоралари бўйича мораторий ўрнатилмоқда

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга уч йиллик мораторий ўрнатилмоқда.

Пойтахтда давлат тиббий суғуртаси жорий этилмоқда

Тошкент шаҳрида босқичма-босқич давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилади, Навоий ва Сирдарё вилоятларида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни бериш электрон шаклда амалга оширилади.

Тўлов ташкилотларига – янги талаблар

Тўлов тизими операторининг, электрон пуллар тизими операторининг ёки тўлов ташкилотининг ички назорат масъул ходими сифатида фақат ижро этувчи (ижроия) орган аъзоси ёки раҳбарнинг ўринбосари тайинланиши мумкин.

Шунингдек, шубҳали операциялар мезонлари ва аломатлари рўйхати кенгайтирилмоқда.

Хўжалик жамиятлари ҳақида маълумотлар очиқланади

Хўжалик жамиятининг филиаллари, ваколатхоналари ташкил этилганлиги ва унинг устав фонди шакллантирилганлиги ҳамда тўловга қобилиятсизлиги юзасидан иш қўзғатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ЯИДХПда эълон қилинади.

Экспорт қилувчи ҳунармандларнинг ҳаражатлари қоплаб берилади

Ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишда халқаро почта ва куръерлик жўнатмалари сифатида жўнатиш харажатларининг 50 %, қоплаб берилади.

Янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ЖСТ қоидаларига мувофиқ бўлади

ЖСТ қоида ва меъёрларига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқланади.

Экология соҳасида жамоатчилик назорати ўрнатилмоқда

Экологик ҳуқуқбузарликни аниқлаш, тегишли далолатномани расмийлаштириш ва Эконазорат платформасига киритиш, шунингдек самарали фаолият учун ҳақ олишга қаратилган “Жамоатчилик экология назоратчиси” тизими жорий қилинади.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун вужудга келган дебитор қарздорликни мажбурий тартибда ундириш учун суд органларига даъво аризалари санитар тозалаш хизматларини кўрсатувчи корхоналар томонидан киритилади.

Оилаларнинг ижтимоий паспорти шакллантирилади

“Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ходимлар гуруҳлари ташкил этилади, уларнинг асосий вазифалари қуйидагича:
ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолатни ҳамда уларнинг ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжини аниқлаш;
оилаларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати ва эҳтиёжларини ўрганиш натижасида уларнинг ижтимоий паспортларини шакллантириш;
эҳтиёжманд аҳоли билан, шу жумладан, кейс-менежмент усулини қўллаган ҳолда самарали иш ташкил қилиш, улардан ижтимоий хизматлар ва ёрдам олиш бўйича буюртмалар қабул қилиш, заруратга қараб буюртмаларни масъул вазирлик ва идораларга юбориш;
оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш, улар учун ижтимоий хизмат ва ёрдамларни ташкил этиш.

“Яшил энергия” сертификатлари тизими жорий этилади
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти тизимидаги гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун “яшил энергия” сертификатлари тизими жорий этилади.

Спортчиларни қўллаб-қувватлаш чоралари

Спортчи идентификация карталари учун тўловлар миқдори уч баробарга камайтирилади, улардан фойдаланиш муддати 5 йил этиб белгиланади.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг стипендияси таъсис этилмоқда, унинг миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 бараварини ташкил этади. Ушбу стипендия тайинланган спортчиларга ўзини ўзи банд қилиш ҳуқуқи берилади.

Жисмоний шахслар давлат объектларини аукционга чиқариш ташаббуси билан чиқишлари мумкин

Жисмоний шахсларга “Давлат мулки” ахборот тизими орқали майдони 2 000 метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан-тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади.

Юридик шахсларга электр энергияси ва газ етказиб бериш бўйича шартномалар онлайн бўлади

Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан электр энергияси ҳамда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномалар электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ёхуд «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда тузилади.

Сертификация соҳасида ўзгаришлар

Референт нархлари қайд этилмаган ёки қайд этилган нархдан юқори бўлган дори воситаларини сертификатлаштириш тақиқланади.

Никоҳдан ўтувчи шахслар молекуляр-генетик тестдан ўтишлари мумкин бўлади

Никоҳдан ўтувчи шахслар ўз ҳисобидан Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий марказларига ташриф буюриш орқали Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказининг лабораториясида молекуляр-генетик тестдан ўтказилади. Бунда, спинал мушак атрофиясининг ген ташувчилиги тасдиқланган никоҳланувчи шахсларнинг маълумотлари Ягона миллий регистрга киритиб борилади.

Аукционга чиқариладиган авторақамлар сони ошади

Бир хил ҳарф комбинациясига эга бўлган 680 жуфт давлат рақами белгилари аукционга қўйилади.

Янги адвокатлик гувоҳномалари берилади

Адвокатлик гувоҳномалари махсус QR-код қўйилган янги намунада берилади.

Кредиторлар ҳуқуқларини ҳимоялаш чоралари кўчайтирилмоқда

Ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка суддан ташқари тартибда қаратилганда гаров объектини «E-auksion» платформасида аукционга кредиторнинг ва (ёки) қарздорнинг буюртмаси асосида қўйишга рухсат этилади.

Ҳисоб-китоб ва кредит муносабатларидан келиб чиқадиган асослар бўйича қарзни ундириш учун нотариуслардан ижро хати олишда банклар олдидаги қарзни тасдиқловчи далолатнома талаб этилмайди.

norma.uz

Happy
Happy
0 %
Sad
Sad
0 %
Excited
Excited
0 %
Sleepy
Sleepy
0 %
Angry
Angry
0 %
Surprise
Surprise
0 %